Қайси бир мўмин ўз биродари ҳақига ғойибона дуода бўлса, бир фаришта бу бандага: “Сенга ҳам шундай бўлсин”, – деб туради.
Доктор Шафеъий Кадканий
Хомушона
Менинг хомушгина шаҳрим, қани руҳбахш баҳорларинг?
Қайда шўру шайдойи ул ҳазорларинг*, ҳазорларинг?
Ҳар бир япроқ томирида хазон хунобаси юзгай,
Қани субҳидам накҳати, ширин бўйли баҳорларинг?
Ҳам кўча, ҳам бозорларинг душман сипоҳи қопламиш,
қайда тулпор кишноғлари, қайда ёвқур суворларинг?
Ҳолинг нечук тоторнинг тийғин тагинда, мунисим,
Қайда қолди зўр ҳамлали, пўлод шери шикорларинг?
Тунлар қаро тортди сўқир, майхоналар хомуш ва гунг,
Қани Мажнун каби наъра тортган бодагусорларинг?
Юзларда ғам заҳри ва дилларда ҳама бегоналик,
Қайда қолди сени пайванди жон қилган ул ёрларинг?
Осмонми бу? Осмон эмас, бошингда зиндон томидир,
Рўшно бўларми оқибат, шаҳрим, бу шоми торларинг?
*(ҳазор – булбул деган маънони ҳам беради)
МАРСИЯ
Хазар мавжини қоплабди мотам,
Гиёҳу бешалар устидадир ғам.
Қара, тонг чоғи зангор тунли бу уфқ,
Баҳорлар руҳидир ўтган муқаддам.
Баҳорми бу, Худойим, дашти ғамда,
Сиёвуш қонларидир лолалар ҳам.
Паришон айлаган жонидан бод реза гуллар,
Шаҳодат жомидан оққан жамулжам.
Тун аҳлин тилларида зикр ўлғай,
Вале бўлмас улар хотирда мубҳам.
Самум заҳри ўтиб бу боғлардан,
Баҳор гулзорларини қоплади ваҳм.
Баҳор руҳи, ўшал қонларки ўтди,
Дарахтзор беша бўлди қонидан нам.
ЧОРЛА…
Тун саҳросида қизил гул ҳаққи чорла,
Боғлар бедор ва баракали бўлсин.
Чорла, чорлайвер оппоқ кабутарлар
Қонли ошёнларга қайтиб келсинлар.
Сукут равоқида қизил гул ҳурмати,
Ким сасларин авжи ва мавжи нилий томдан ўтгайдир,
Туннинг нилий томи оша ёруғ ёмғир паёмин
Ҳар бир ёъловчи ўзи билан элтгай
Чексиз кенгликлар томон.
Қурғоқчиликдан нечун қўрқарсен?
Деворлар тикмишлар ғоят,
Сув қаршисида эмас,
Нурлар қаршисида,
Овоз қаршисида,
Шўр қаршисида…
Бу касофат замонада
Замон шоирларига ижозат бердилар,
Токи куйласинлар уйқудан-да теранроқ,
Сувдан-да зилолроқ.
Сен хомуш куйлагувчисан,
Сен сокит кетгувчисан,
Ким бизнинг баргсиз ниҳолгинамизга
Тарона этгайсен?
Баҳор тикан симлар оша келди.
Бинафшанинг ҳариқ шуъласи нақадар гўзал!
Минг бир кўзгу оқаётгандек, минг бир кўзгу…
Сенинг қалбинг билан қўшилмоққа талпинар.
Замин зиндонлардан холидир,
Сен танҳосан.
Ошиқона нағмаларни қайта куйлагаймисан?
Чорла, қизил ва ошиқона гул ҳурмати,
Ишқ ҳадисин ўзинг билган тилда баён қил.
ХАЛЛОЖ
Кўзгуда қайта намоён бўлди: Булут сочларини бод тарарди.
Яна ўша «Аналҳақ» нинг қизил қўшиғи
Унинг тилларида…
Сен Ишқ намозида нимани ўқиган эдинг –
йиллар давомида дор устидан юрдинг
ва бу туллак миршаблар
ҳамон лошингдан ҳазар қиладилар?
Сенинг номингни нишобурлик сийначок риндлар қатори мастликда – мастлик – ростлик –
Оҳиста тил учида такрорлайдилар.
Қачонки сен,
юзингни қопга тиққан лаҳзаларида хомуш ва мот эдинг,
Бизлар қашқирсимон томоша аҳли,
Маъмурлар билан бир сафда сукут сақладик.
Сенинг хокистарингни субҳидам шабадалари қай ергаки элтдилар,
Бир эр тупроқдан бош кўтарди.
Нишобур кўчабоғларида
Тунги мастлар яна сенинг қизил овозингни
замзама қилдилар.
Номинг ҳамон тилларда.
Сўнгги комментлар