Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) айтадиларки: «Кимки бирор мўминга озор берса, гўё у менга озор берган бўлади. Менга озор берган Тангрига озор берган бўлади» (ҳадис).
Аъзам Ўктам: «Қирқинчи баҳор» китобидан
Боболарим
Уларда ҳар не оқ, ҳар не нуроний,
«Қоралаган» демай қалам тек қолар.
Дуо бирла суяб турар дунёни
Пайғамбар ёшини ОҚЛАГАН чоллар.
Тилим
Тилимдан бол томмас, аччиқ ҳам эмас,
ярайди қалбдагин изҳор этишга.
Узунмас унчалик, қисиқ ҳам эмас,
етади бўйнимдан тортиб кетишга.
Чорбоғ
Покланмоққа сув элтар ариқ,
Қалдирғочлар туширар такбир,
Саждадан бош кўтармас полиз,
Тандир — ювош дуогўй кампир.
Тераклар — саф тортган йигитлар,
Маккажўхорилар — бир майдон аёл,
Йўргакланган бола қучоқлаб,
Шукр намозига сафланган.
Буларни қўй…
Билса билар, чалса чалар оёқдан,
Айт ўзинг: ташвишин чекайин ненинг?
Ҳар сўзу ишимга миллион гувоҳ-ла
Нақ Аллоҳнинг Ўзи кутяпти мени.
Тобора
Зулматга мойилроқ кўряпман кўзни,
Мой йўқ, шиша хира, пасаяр пилик.
Ёлчимагандек белбоққа бўзчи,
зор бўлганим — одамгарчилик.
Ҳар кун бир ҳис учар вужуддан, дилдан,
ҳар тун бир туйғунинг ўчар қораси.
Тобора юракнинг тириклик бирлан
очиқ бўлаётир ораси.
Сўнгги комментлар