Бировнинг молу мулкига тажовуз қилиш исломда йўқ (hadis).
Тавба қилиш ҳақида
1. Савол: Мен бир гуноҳ қилдим. Кейин тавба қилдим, лекин ёмонликни хоҳловчи нафсим мендан ғолиб келиб яна ўша гуноҳни қилиб қўйдим. Аввалги қилган тавбам беҳуда кетадими? Кейинги гуноҳим бўйнимга юкланганидек аввалгиси ҳам ҳеч ўзгаришсиз гуноҳ бўлиб ёзиладими?
Жавоб: Кўпчилик олимлар фикрига кўра қабул бўладиган тавба шартларидан бири киши қайтиб ўша гуноҳни қилмаслигидир. Шу билан бирга киши гуноҳ амалдан шу вақтнинг ўзида тийилиши ва қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлиши ҳамда уни қайтиб қилмасликка қатъий қарор қилиши керак. Агар у ўша гуноҳни яна қилиб қўйса, янги гуноҳ қилган ҳисобланади. У яна тавба қилиши керак. Аввалги тавбаси ҳам яроқли ҳисобланади.
2. Савол: Бир гуноҳ учун қилган тавбам бошқа бир гуноҳга қўл уришим билан ботил бўлиб кетадими?
Жавоб: Агар қилаётган гуноҳ амалингиз сиз тавба қилган гуноҳ амалга тааллуқли ёки ўша гуноҳ бўлмаса, тавбангиз ўз кучида қолади. Мисол учун, агар киши еган рибоси учун тавба қилиб, маст қилувчи ичимликларни ичаётган бўлса ҳам – ёки бунинг тескариси – , унинг тавбаси яроқлидир. Агар у фоизга қарз бергани учун тавба қилиб, насия йўли билан рибо еяётган бўлса, унинг тавбаси ботил. Худди шунга ўхшаш, агар киши наркотик моддалар истеъмол қилгани учун тавба қилиб, маст қилувчи ичимликлар ичаётган бўлса –– ёки бунинг тескариси — ёки бир аёл билан зино қилгани учун тавба қилиб бошқа бир аёл билан яна зино қилаётган бўлса, унинг тавбаси қабул эмас.
3. Савол: Аллоҳнинг намоз фарзларини адо қилишда камчиликка йўл қўйдим. Ҳозир нима қилишим керак?
Жавоб: Саҳиҳ фатвога кўра, киши ўтмишда намозларини тўлиқ қилмаган бўлса, кейин унинг ўрнини тўлдириб қўйиши шарт эмас. Чунки ўша нарсанинг вақти ўтиб кетди ва ўрнига келтириш учун ҳеч нарса қилолмайди. Аммо бунинг жаримасини Аллоҳга холис тавба қилиш, мағфират сўраш ва қодир бўлганича кўпрок нафл намозлар ўқиш билан тўлайди. Шояд Аллоҳ кечирса.
Эътибор берган бўлсангиз намоз ва рўзанинг камчиликларини тўлдиришда фарқ бор. Баъзи олимлар агар киши бирор узрсиз рўзасини тутмаган бўлса, кейинчалик уни тўлдириб бера олмайди, дейишган.
Агар закот бермаган бўлса, тавба қилганидан кейин ўша закотни бериши керак. Чунки закотда Аллоҳнинг ва мискинларнинг ҳаққи бор.
4. Савол: Агар киши бировнинг ҳаққига тажовуз қилган бўлса, қандай тавба қилиши керак?
Жавоб: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Ким агар биродарига — обрўси ёки молига — зулм қилган бўлса, (Қиёмат) Кунида уни ушламасидан олдин бугун тўғирласин. У Кунда кишига динор ёки дирҳам фойда бермайди. Унинг ҳисобида яхши амали бўлса, қилган зулми учун биродарининг ҳисобига ўтказилади. Агар яхши амали йўқ бўлса, мазлумнинг ёмон амаллари бунинг ҳисобига ўтказилади».
Бундай зулм-тажовуз учун тавба қилаётган киши етказган талофатини тўлаши ёки биродарларидан кечирим сўраши керак. Агар улар кечиришса, ҳаммаси жойида. Кечиришмаса, тўлаши керак.
5. Савол: Мен бир неча кишини ғийбат қилганман ва баъзи бировларни ноҳақ ҳақорат қилганман. Улар ҳақида нималар деганимни уларга айтишим ва кечирим сўрашим шартми? Қандай тавба қилишим керак?
Жавоб: Агар қилган ғийбатингиз ёки ҳақоратларингиз уларга қаттиқ ботмайдиган ва сизни ёмон кўриб колишларига сабаб бўлмайдиган бўлса, умумий суратда айтиб улардан кечирим сўрашингиз керак. Ҳар бир сўзингизни бирма-бир айтмасдан умумий қилиб: «Авваллари мен сизга зулм қилган эдим» ёки «Сиз тўғрингизда бўлмаган гапларни гапирган эдим. Ҳозир Аллоҳга тавба қилдим. Илтимос, мени кечиринг» шаклида айтишингиз мумкин. Мана шуниси яхшироқ.
Агар улар дарғазаб бўлиб сизга нисбатан нафрат ҳис қилиб ёки умумий айтишингизга қоникмасдан батафсил айтишингизни талаб қилса ва бу бирор ёмонликка сабаб бўлишини билсангиз, уларга бу ҳақда гапирмасангиз ҳам бўлади. Чунки ислом ёмонликнинг кўпайишини хоҳламайди. Бирор нарсадан хурсанд бўлиб турган ёки дам олаётган кишининг олдига бориб қилган ишларингизни айтишингиз унинг хурсандчилигини йўқотиб, ғазабини қўзғайдиган бўлса, бу биродарларни бир-бирларига чиройли муносабатда бўлишга буюрувчи ислом мақсадларига тўғри келмайди. Ғийбат қилганини айтиш унга нисбатан нафратни уйғотадиган бўлса, Аллоҳга қуйидаги шаклда тавба қилинади:
– Гуноҳи учун қаттиқ пушаймон бўлиши ва Аллоҳдан мағфират сўраши керак. Қилган гуноҳининг ёмонлиги ҳакида ўйлаши ва унинг ҳаром эканлигига ишониши керак.
– Аллоҳдан кечирим сўраётганда кимни ғийбат ёки ҳақорат қилган бўлса, ўшаларнинг исмларини ошкора айтиши шарт.
– Ҳақорат ёки ғийбат қилган кишисини ўзидан юқори қўйишини ва уларнинг яхши сифатларини айтиши керак.
– Аввал ўзи ёмонлаган кишини энди биров ёмонламоқчи бўлса, уни ҳимоя қилиши керак.
– Унинг ҳаққига ғойибона дуолар қилиши керак.
Кишига молиявий ва жисмоний зарар етказиш билан уни ғийбат ва ҳақорат килиш ўртасида фарк бор. Аввалгисида етказган зарарларни қоплаб мазлумни фойдалантириш мумкин. Шунинг учун буни яшириб юришга рухсат берилмайди. Иккинчисида эса кишининг обрўсига алоқадор бўлгани учун буни ошкора айтиш кишини яна ҳам хафа қилади ва ташвиш келтиради.
6. Савол: Қотил қандай тавба қилиши керак?
Жавоб: Қотил уч кишининг ҳаққига тажовуз қилган ҳисобланади: Аллоҳнинг, қурбоннинг ва қурбон бўлган кишининг меросхўрларининг.
Аллоҳнинг ҳақларини ўз ўрнига қўйиш учун тавба қилинади.
Меросхўрларнинг ҳаққини ўз ўрнига келтириш учун у ўзини меросхўрларнинг ихтиёрига топшириши керак. Шунда улар ўз ҳақларини уч хил йўл билан олишлари мумкин: қасос, хун пули ёки кечириб юбориш.
Қурбоннинг ҳаққини эса бу дунёда тўлай олмайди. Бу хусусда олимлар агар қотилнинг тавбаси холис бўлса, Аллоҳ уни қурбонга тўлаши керак бўлган ҳақдан озод қилади ва қайта Тирилиш Кунида Аллоҳнинг Ўзи қурбон бўлган кишининг ҳаққини ўтайди, дейишган.
(Шу ўринда айтиш керакки, аборт қилиш ҳам қотиллик ҳисобланади ва аборт қилишга йўл берган, иштирок этган одамлар бу қотилликдан тавба қилишлари лозим.)
7. Савол: Ўғри қандай тавба қилади?
Жавоб: Агар ўғирлаган нарсалари ҳали ҳам ўзида турган бўлса, эгасига қайтариб беради. Ўғирлаган нарсалари йўқ бўлиб кетган ёки кийиш, фойдаланиш, вақт ўтиши билан эскирган ёки қиймати тушиб кетган бўлса, эгаси рози бўладиган қийматни тўлайди.
8. Савол: Нарсаларини ўғирлаган кишиларнинг олдига бориб иқрор бўлолмайман ёки кечирим сўрай олмайман. Нима қилишим керак?
Жавоб: Улар билан юзма-юз келишдан уялаётган бўлсангиз, бунда гуноҳ йўқ. Уларнинг нарсаларини исмингизни айтмаслик шарти билан учинчи бир киши орқали, почта орқали ёки улар топиши мумкин бўлган жойга яширинча қўйиб кетишингиз ёхуд «Бир киши сизлардан мана буни олган экан», деб қайтариб беришингиз мумкин. Бу ердаги асосий мақсад исмларни айтиш эмас, ўғирланган нарсаларни ўз эгаларига қайтаришдир.
9. Савол: Отамнинг чўнтагидаги нарсаларни яширинча ўғирлар эдим. Ҳозир тавба қилдим, лекин аниқ қанча ўғирлаганимни билмайман ва ўзига айтишдан ҳам уяламан.
Жавоб: Ўзингиз яхшилаб ўйлаб тахмин қилинг ва ўша тахминингизнинг энг баланд миқдорини олинг. Кейин яширинча жойига қўйиб қўйишингиз мумкин.
10. Савол: Бировларнинг пулини ўғирлаган эдим. Ҳозир тавба қилдим, лекин уларнинг қаерда яшашини билмайман.
Жавоб: Имконингиз борича уларни изланг. Топсангиз олган нарсангизни қайтариб беринг. Агар у вафот этиб кетган бўлса, меросхўрларига қайтариб беринг. Тополмасангиз, агар у кофир бўлса ҳам, ўша миқдорча пулни унинг номидан садақа қилиб юборинг.
Бу ҳолатни Ибнул Қоййим ўзининг «Ал-Мадориж» номли китобида тилга олиб ўтган:
«Бир киши жанг вақтида мусулмон лашкарлардан бирининг тушиб қолган нарсасини ўғирлади. Бир қанча вақтдан кейин тавба қилди. Ўғирлаган нарсасини олиб қўмондон ҳузурига борди. Амир: «Жавоб бериб юборилган аскарларнинг қаердалигини билмасам, қандай қилиб уларга олиб бераман?» деб жавоб берди. Сўнг у киши Ҳажжож бин Саъирнинг олдига борди. Ҳажжож унга шундай ҳукм қилди: «Аллоҳ лашкарни, уларнинг исмларини ва уларнинг оталарининг ҳам исмларини билади. Шундай экан ўғирлаган нарсанинг ярмини тақволи (яъни ислом ривожи учун ишлатадиган киши, байтулмол ёки ислом давлатининг хазинаси) га бергин. Ярмини эса унинг номидан садақа қилиб юбор. Уларга етиб боришига Аллоҳ кафилдир». Ҳалиги киши Ҳажжож айтганидек қилди. У бу ҳақда Муовия разияллоҳу анҳуга айтганида у шундай деди: «Агар бу фатвони берувчи мен бўлганимда эди, у менга фатво берган нарсамнинг ярмидан кўра қадрлирок бўлар эди».
11. Савол: Етимларнинг ҳаққи бўлган маълум бир бойликни ўзлаштириб олиб, савдо килиш учун айлантиришга қўйган эдим. Бир неча баробар кўп фойда қилдим. Ҳозир Аллоҳдан қўрқаман. Қандай тавба қилишим керак?
Жавоб: Бу масалада олимлар турлича фикр билдиришган. Уларинг энг мўътадили қуйидагича: Етимларга ўзлаштирилган миқдорнинг ҳаммаси ва фойданинг ярми қайтарилади. Сизлар шерик сифатида тижорат қилган бўласизлар. Шунинг учун дастмоя ва фойданинг ярми уларга қайтарилиши керак.
Бу имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан ривоят қилинган.
Туя ёки қўй ўғирлаган киши учун ҳам шу ҳукм амал қилади. Агар улар кўпайиб кетган бўлса, ўғирланган туя ёки қўйни ҳамда қанча туғилиб кўпайган бўлса, шунинг ярмини қайтариб беради. Агар ўғирлагани ўлиб кетган бўлса, унинг қийматини тўлайди ва кўпайган қисмнинг ярмини қайтариб беради.
12. Савол: Бир киши аэропортда юк сақланадиган жойда ишларди. У ердан бир диктафон ўғирлабди. Бир йилдан сўнг тавба қилган. Ўша диктафоннинг ўзини, унинг қийматини берадими ёки худди шундай янги диктафон олиб берадими? Агар худди шундай диктафонни бозордан топа олмасачи?
Жавоб: У ўғирлаган нарсасини қайтаради ва шу пайтгача қанчалик қиймат йўқотган бўлса, шунча қисмини пул билан тўлайди. Бу иккала томонга ҳам зарар етказмайдиган даражада бўлиши керак. Агар бунинг имкони бўлмаса, ўғирланган нарсанинг қийматича пулни зарар кўрган киши номидан садақа қилади.
13. Савол: Рибодан (судхўрликдан) топган пулим бор эди. Уни сарфлаб юборганман. Ҳозир тавба қилмоқчиман. Нима қилай?
Жавоб: Қилган бу ишингиз учун Аллоҳга чин тавба қилинг. Рибо жиддий масаладир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло Қуръонда рибо еювчилардан бошқа бирор гуноҳ соҳибига уруш эълон қилмаган. Агар рибодан топилган пулларнинг ҳаммаси сарфланган бўлса, бирор нарса қилишга мажбур эмассиз.
14. Савол: Ярми ҳалол ва ярми ҳаромдан топилган пулга бир машина сотиб олган эдим. Ҳали ҳам машинам турибди. Нима қилишим керак?
Жавоб: Агар киши маълум бир қисми ҳалол, маълум бир қисми ҳаром бўлган пулга қисмларга ажратиб бўлмайдиган бирор нарса сотиб олса, шу мол учун қанча ҳаром пул сарфланганини ҳисоблаб чиқиши керак ва ўша миқдор пулни эгалик қилиб турган молини поклаш учун садақа қилиб юбориши керак. Агар ҳаром бўлган қисми бошқа бир кишининг ҳаққи бўлса, ўз эгасига қайтариб бериши керак.
15. Савол: Сигарет сотиб топилган пул ҳалол йўл билан топилган пуллар билан аралашиб кетган ёки сақлаб қўйилган бўлса, нима қилади?
Жавоб: Сигарет, носвой ва ароқ каби ҳаром нарсалар билан савдо қиладиган кимса тегишли ҳукмдан хабар топганидан кейин тавба қилса, кўрган фойдасини солиҳ-яхши ишлар учун сарфлаб юбориши керак.
16. Савол: Бир киши пора олган эди. Кейин Аллоҳ уни тўғри йўлга бошлади. Олган порасини нима қилади?
Жавоб: Бу масалада қуйидагиларга амал қилиш керак:
Агар порани зулм кўрган кишидан олган бўлса, яъни пора бермаса ўзининг хаклигини исботлай олмайдиган киши пора берган бўлса, пора олувчи тавба қилиб, олган порасини эгасига қайтариб беради. Чунки бу мажбурлаб олинган.
Агар жиноятчи-гуноҳкор айбини ёпиш учун пора берган бўлса, унинг пораси қайтариб берилмайди. Балки, яхши ишлар учун сарфланади. Масалан бирорта мискинга берилиши мумкин. Пора олган киши ўз хақлигини исботламоқчи бўлган кишидан пора олиш учун унга қарши чиқиб етказган зарари ва кераксиз жойга сарфлагани учун ҳам тавба қилиши керак.
17. Савол: Мен ҳаром ишларим учун пул олардим. Ҳозир тавба қилдим. Олган пулларимни қайтаришим шартми?
Жавоб: Ҳаром ишлари учун ҳақ олган кишилар тавба қилишса ва олган пуллари турган бўлса, уни эгаларига қайтариб бермасдан бошқа жойларга сарфлаши керак.
Фоҳишалик қилиб пул топган аёл тавба қилганидан кейин топган пулларини жазманларига қайтариб бермайди. Маст қилувчи ичимликлар ёки наркотик моддалар сотиб пул топган киши тавба қилганидан кейин пулларни мижозларига қайтариб бермайди. Ёлғон гувоҳлик берувчи тавба қилганидан кейин ҳаром хизмати учун олган пулини эгасига қайтариб бермайди ва ҳаказа. Чунки пул гуноҳкор-осий эгасига қайтариладиган бўлса, у икки баробар фойда кўрган бўлади, яъни ҳам гуноҳ қилиб, ҳам пулини сақлаб қолган бўлади. Оқибат яна ҳам кўпроқ гуноҳ ишлар қилиши мумкин.
18. Савол: Мен бир аёл билан зино қилган эдим. Мана шу гуноҳимни ювиш учун нима қилишим керак?
Бошқа бир киши Европа ёки АҚШга борганида бир аёл билан зино қилган. Ўз юртига қайтиб келганидан сўнг аёл ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўрган. Бола кимнинг фарзанди ҳисобланади? Боланинг харажатлари учун аёлни маблағ билан таъминлаб туриши керакми?
Жавоб: Бу хилдаги саволлар кўп учрайди. Мусулмонлар ўзларини Қуръон ва Суннатга мувофиқ ислоҳ қилишлари лозим. Хусусан кўзларини ҳаромдан сақлашга, номаҳрамлар билан ёлғиз қолмасликка, улар билан қўл бериб кўришмасликка, ҳижобга, мусулмонлар билан ишлашга, эрта уйланишга эътибор бериши керак.
Саволда айтилган зино қилган киши учун қуйидаги хукм амал қилади.
Агар у аёлни зўрлаган бўлса, аёлга жарима сифатида сўраган миқдорида маҳр тўлаши ва Аллоҳга холис тавба қилиши шарт. Агар масала қозилик муассасалари даражасида кўриладиган бўлса, унга маълум бир жазо тайинланади.
Агар аёлнинг розилиги билан зино қилган бўлса, тавба қилиши шарт.
19. Савол: Бир аёл билан зино қилган эдим. Кейин унга уйландим. Бир неча йилдан бери бирга яшаб келмоқдамиз. Ҳозир иккаламиз ҳам Аллоҳга холис тавба қилмокдамиз. Нима қилишим керак?
Жавоб: Агар иккала тараф ҳам тавба қилган бўлса, никоҳингизни янгилашингиз керак. Шариатга мувофиқ валий ва икки гувоҳ қатнашган ҳолда никоҳ қилиниши лозим. Никоҳ расмий суратда қозихонада бўлиши шарт эмас, уйда ўқилса ҳам кифоя.
20. Савол: Бир аёл тақволи бир кишига турмушга чиққан. Аммо у турмушга чиқишидан олдин Аллоҳга хуш келмайдиган баъзи ишларни қилган. Ҳозир ўтмиши унга тинчлик бермаяпти. У эрига қилган ишларини айтиши керакми?
Жавоб: Жуфтлар аввалда қилган ёмон ишларини бир-бирига айтишлари шарт эмас. Аллоҳ унинг гуноҳини яширибди. У ҳам яширсин. Ҳақиқий тавба қилишнинг ўзи етарлидир.
Бир киши бир қизни бокира, деб уйланган бўлса, сўнг унинг бокира эмаслиги ва турмушга чиқишидан олдин зино қилгани маълум бўлса, эри ундан маҳрни қайтариб олишга ва талоқ қилишга ҳаққи бор. Агар эр киши аёлнинг Аллоҳга тавба қилганини ва Аллоҳ унинг гуноҳини яширганини билса, у билан бирга яшашга қарор қилиши мумкин. Аллоҳ унинг ажрини кўпайтириб беради, иншааллоҳ.
Хотима
Эй Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳ сизлар учун тавба эшигини очиб қўйибди! Нега жимсизлар?! Тавбанинг эшиги борлиги ва унинг кенглиги мағриб билан машриқ кенглигича экани (бошқа бир ривоятда эса етмиш йиллик масофага тенг экани) ривоят қилинган. У то куёш ботиш томонидан чиққунга қадар ёпилмайди.
Аллоҳнинг даъватига қулоқ тутинг:
«Эй бандаларим, сизлар кечасию кундузи гуноҳ қиласизлар, аммо Мен барча гуноҳларни кечираман. Шундай экан Мендан мағфират сўранглар ва Мен кечираман».
Нега мағфират сўрамаяпмиз?!
Аллоҳ кундузи қилинган гуноҳларни кечириш учун кечаси билан қўлини ёзиб туради ва кечаси қилинган гуноҳларни кечириш учун кундузи билан кўлини ёзиб туради. Аллоҳ бизнинг мағфират сўрашимизни ва илтижолар қилишимизни яхши кўради. Шундай экан бизни тавба-тазаррудан нима тўсиб турибди?!
Тавба қилувчи кишининг ушбу сўзлари Аллоҳга қандай ҳам севимли: «Эй Парвардигор, Сенинг азиз, менинг эса хору залил эканлигим сабабли мени раҳматингга олишингни сўрайман. Сенинг кувватли, менинг эса заиф эканлигим сабабли ҳамда Сенинг мендан беҳожатлигинг, менинг эса Сенга муҳтожлигим туфайли сўрайман. Менинг ва мендан бошқа кўп бандаларинг пешонаси – хатокор ва ёлғончи пешона Сенинг қўлингдадир, Сенинг ғазабингдан фақат Ўзингга тавба қилиш билангина қутулиш мумкин. Сенга мискин-бечоралар каби тиланаман, синиқ-тавозели кишилар каби ёлвораман, кўзи ожиз, қалбини қўрқув босган одам каби дуо киламан, боши эгилган, мағлуб бўлган, Сен учун кўзларидан ёшлар оққан, Сен учун қалбида тавозе бўлган киши каби илтижо киламан…».
Банда Аллоҳга тавба қилганда Аллоҳ хурсанд бўлади. Демак, хурсанд бўлувчи Аллоҳдан яхшилик келишига ҳеч вақт ноумид бўлмаслигимиз керак. Бир киши оғир сафарга чиқади. Йўлда саҳрода хатарли жойда дам олиш учун тўхтайди. Бутун озиқ-овқатлари ва суви юкланган туяси ҳам бор эди. Озгина дам олиш учун бир дарахт соясида ётиб ухлаб қолди. Уйғониб қараса, туяси йўқ. Излашга тушди. Бир тепаликка тирмашиб чиқиб чор-атрофга қаради, туяси йўқ эди. Жазирама ва чанқоқ ғолиб келганда: «Яхшиси, дам олган жойимга бориб то ўлгунимга қадар ётаман», деди. У дарахт тагига келиб туясини қайта кўришдан умидини узиб, ётиб ухлади. Уйғониб, кўзини очиб қараса туяси ёнида турибди. Жилови осилиб турарди. Озик-овқат ва сувлари жойида эди. У жон ҳолатда жиловга ёпишди. Мўмин тавба қилгандаги Аллоҳнинг хурсандлиги туясини топиб олиб хурсанд бўлган кишидан ҳам кўпроқ бўлади.
Холис тавба Аллоҳ олдида ўзни хор санаб хокисор туриш эканини билинг ва буни намоён қилишингиз Бутун Оламлар Роббиси учун суюклидир.
Иймонли банда доим хато-гуноҳларини эслаб, пушаймон бўлиб юради. У гуноҳ ишларининг ортидан кўп ибодатлар ва солиҳ амаллар қилади. Шунда шайтон: «Аввалда ҳам уни маъсиятга бошлай олмагандим», дейди. Шунинг учун баъзи тавба қилувчилар тавба қилганларидан кейин аввалги ҳолларига қараганда анча яхшиланиб қоладилар.
Аллоҳ тавба қилиб ўзига қайтган бандаларини ҳеч вақт ўз ҳолига ташлаб қўймайди.
Отасининг эрка ва тантиқ арзанда боласини тасаввур қилиб кўринг. Бир куни эрка ўғил сафарга жўнади. Йўлда уни душманлар тутиб олиб, ўзларининг ерига олиб кетишди. Энди унга бўлаётган муомалалар илгариги муомаланинг тамомила акси эди. Барча неъматлардан ажралиб қолганидан кейин отасининг меҳрибонликларини эслаб қалби алам ва изтиробга тўлди. У душманлар қўлида асир бўлиб, мазлум бўлиб турган пайтда бирдан отасининг уйига келтириб қўйилди. Ўғил ўзини отасига отди, уни қучоқлаб олиб, йиғларди. Кўз ёшлари ёноқларига оққан ҳолда: «Отажон, отажон! Мени уларга берманг!» дерди. Душманлар яна олиб кетиб қолмасин, деб отасини қаттиқ ушлаб олган эди.
Отаси уни душманларга қайтариб беради ёки ўз ҳолига ташлаб қўяди, деб ўйлайсизми?! Аллоҳ Ўз бандаларига ота-онадан ҳам кўра меҳрибонроқ. Душманларидан қочиб ўзини Унинг эшигига урган ва тупроққа беланиб йиғлаб: «Эй Роббим, Ўзингдан бошқа ҳеч ким менга раҳм қилмайди. Ўзинг раҳм қил. Менинг Сендан бошқа бирон ёрдамчим йўқ. Сендан ўзга паноҳим йўқ. Мендек мискинга, муҳтожга, Сенга ёлвориб илтижо қилаётган қулингга раҳм қил. Сен унинг бош уриб борадиган ягона жойисан. Сен унинг химоячисисан. Сендан ўзга бирон паноҳ йўқ…» деяётган бандасига Аллоҳ қандай жавоб қайтаради деб ўйлайсиз?!
Келинглар, солиҳ ва тақволи амаллар томон, солиҳ-тақволи кишилар томон интилайлик. Ҳидоятга эришгандан сўнг ботилни йўқ қилиш учун ошиқайлик. Аллоҳ биз билан бирга!
Аллоҳ таъолога беҳад ҳамду санолар, пайғамбаримиз Мустафо соллоллоҳу алайҳи ва салламга, аҳли оилалари, асҳоблари ва уларнинг изидан то Қиёматгача адашмай эргашган солиҳ умматларига салоту саломлар бўлсин. Омин.
Assalom Alekum, meni davlatdan olgan ba’zi kreditlarim bor ularni hali hammasini to’lab bo’lmaganman, lekin Allohdan mag’ifirat qilishini so’riyman, ochig’i foizga olingan qilingan ishlarni hukmi juda og’ir ekanligini yaxshi bilmas edim, va usha vaqtda Ota Onamga yordam maqsadida bir ish boshlashga olgan edim, ushbu olgan kreditlarimdan qutilishimga va qaytib bunday qilmasliga Allohdan yordam va mag’ifiratini so’riyman, Alloh yordam berib shu olgan kreditlarimdan qutulib Allohga chin dildan tavba qilib va bu ishga boshqa qaytmasam, Alloh bu tavbamni qabul qiladimi yoki buni hukmi qando bo’ladi iltimos shu haqda tushuntirsangiz
Аллоҳ албатта кечиргувчи Зот. Тавба қилган одамларнинг тавбасини Аллоҳ рад қилмайди.